Вторник, 14.05.2024
Ал-ислами
Меню сайта
раздел
Руский [8]
Узбекча [6]
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 52
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2009 » Апрель » 27 » Қашшоқлар кўпайиши кутилаяпти
Қашшоқлар кўпайиши кутилаяпти
01:31

 Қашшоқлар кўпайиши кутилаяпти 

 
Ҳурмат Бобожон
Нашр қилинди: 26 апрел, 2009 йил

Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларида қашшоқликка қарши курашиш борасида сўнгги ўн йилликда эришилган ўсиш ортидан молиявий бўҳрон боис минтақа аҳолиси яна иқтисодий танглик қаршисида қолган.


Бу борада билдирган Жаҳон банки расмийларига кўра, 1999 йилда Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасида яшовчи 480 миллион аҳолининг 90 миллиони ёки 18 фоизини қашшоқликдан қутқариш борасида ижобий натижаларга эришилган, ҳозирги иқтисодий ва молиявий бўҳрон эса бу ютуқларни хавф остига қўйган.

"Ҳозирги кунда, дейилади Жаҳон банки баёнотида, Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатларида яшовчи 40 фоиз аҳоли кам таъминланган ва муҳтожлар тоифасига киради. Бундайлар сони йилига беш миллиондан кўпайиб бориш эҳтимоли бор.

2009 йилда минтақада кам таъминланган ва қашшоқ аҳоли яна беш фоиз ёки 25 миллионга кўпайиши кутилаяпти.

2010 йилга бориб эса Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги муҳтожлар армияси яна 10 миллионга кўпайиши хавфи бор".

- Шарқий Европа ва Марказий Осиёда ижтимоий бўҳрон хатарли нуқтага етмоқда. Иқтисодий бўҳрон минтақада қашшоқликни камайтириш борасида сўнгги 10 йил ичида эришилган барча ютуқларни чиппакка чиқарди.

Афсуски, 2010 йилга бориб минтақада яна 35 миллион одамнинг қашшоқлик домига илинишини кўришимиз мумкин бўлади, дейди Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Шигео Кацу.

Жаҳон банки вакилларига кўра, ташқарида ишлаётган фуқароларидан келаётган тушумларга қараб қолган давлатларда глобал бўҳрон оқибатлари яна ҳам таҳликали бўлиши кутилаяпти. Бундай давлатлар сирасига Ўзбекистон ҳам киради.

Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки мутахассислари ҳисобича, чет мамлакатларда меҳнат қилаётган ўзбек муҳожирлари юборган маблағлар ўтган йилда Ўзбекистон ички ялпи маҳсулотининг 9 фоизини ташкил этган ва юборилган бу маблағлар айниқса мамлакат қашшоқ аҳолиси учун муҳим даромад манбаи бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистонда фаолият кўрсатувчи "Ҳозиржавоб гуруҳ" раҳбари Суҳроб Исмоиловга кўра, ҳозир мамлакатда кузатилаётган ҳолат Жаҳон банки башоратлари Ўзбекистонга ҳам тўғри келишини кўрсатмоқда.

Суҳроб Исмоилов: Агар Ўзбекистоннинг ичидан туриб баҳо берадиган бўлсак, Жаҳон банкининг прогнозини тасдиқловчи бир нечта ҳолатлар аллақачон кузатилаяпти. Биз вазият қаëққа қараб бораëтганини ҳукумат қабул қилаëтган бевосита қарорлардан кўришимиз мумкин.

Яқинда барча вилоятларда амалга оширила бошланган қарорлардан бири бу барча хусусий фермер хўжаликларини ҳар икки гектар ерга биттадан иш ўрни жорий қилишга мажбурлаш бўлди.

Биз жойлардаги фермер хўжаликлари раҳбарлари билан гаплашган пайтимизда “Нега бу таклиф шу пайтгача йўқ эди?" десак, уларнинг айтишича, гўëки ҳокимият вакилларининг сўзларига қараганда, чет элдан ëппасига қайтиб келиши кутилаëтган меҳнат муҳожирларини вақтинча бўлса ҳам иш билан таъминлашга қаратилган чора-тадбир эмиш.

Лекин фермерларнинг ўзларида бир талай муаммолар мавжуд. Улар: “Биз ҳали ўтган йилги ҳосил учун давлатдан пул олмаган бўлсак, қандай қилиб иш ўрни яратамиз ва ишчига қандай қилиб пул тўлаймиз?” дейишмоқда.

Ëки бўлмаса мана яна битта жараëн. Охирги таҳлилларимизда биз буни ëритишга ҳаракат қилдик. Ҳозир мамлакатда нақд пул айланмасига жуда қаттиқ чеклов киритилган. Биз буни кўп бюджет ташкилотларида ойлик ушлаб қолинаëтганидан билишимиз мумкин. Бу айниқса ўқитувчи ва врачларга тегишли.

Кўп жойларда ойликларни пластик карточкаларга ўтказиш кузатилаяпти. Кўп ҳолатларда пластик карточкани ишлатиб бўлмаслигини билиб туришса ҳам мажбурлаш бўлаяпти. Масалан, бу йилги расмий давлат хабарлари бўйича Ўзбекистон аҳолисига 5 миллион янги пластик карточка тарқатилиши керак экан.

Биз яқинда ëзган эдик - президентнинг охирги қарорларидан бири "аҳоли пунктларининг ташқи кўринишини яхшилаш ва фаровонлаштириш" деб аталади. Янги иш ўринлари қоғозда бўлса ҳам яратилиши кўзда тутилган. Гўëки жойлардаги барча банд бўлмаган аҳоли касб-ҳунар коллеж битирувчилари мана шу ишларга жалб қилинса, ишсизлик муаммоси жойларда ечилиб қолар эмиш.

Ҳозир вазият Ўзбекистонда танглашиб бормоқда ва буни ҳукумат ҳам сезаяпти. Расман бўлса ҳам олдини олиш учун чора-тадбирлар киритилмоқда.

Озодлик: Ҳукумат тарафидан кўрилаëтган чоралар ўзбек меҳнат муҳожирларининг чет элларда иш ўринларини йўқотиб, мамлакатга қайтиши оқибатида юзага келиши мумкин бўлган ижтимоий бўҳронга қанчалар чап бера олади, деб ўйлайсиз?

Суҳроб Исмоилов: Менинг шахсий фикримни билмоқчи бўлсангиз, ҳеч қанақа чап бера олмайди. Менимча, ҳукумат юзага келиши мумкин бўлган тўқнашувларни ëки ижтимоий бўҳронни ҳуқуқ-тартибот органларининг, репрессив органларнинг кучини, салоҳиятини янада кучайтирибгина сақлаб қолишга ҳаракат қилиб кўриши мумкин. Менимча, ҳозирча қолган имконият шу.

Ҳозир номига қабул қилинаëтган расмий чора-тадбирлар жойлардаги вазиятни ечишига мутахассис сифатида ишонмайман. Жойлардаги асосий ижрочилар ҳокимлардан тортиб маҳалла қўмиталари раисларигача ҳеч ким бу чора-тадбирларнинг келажагига ишонмайди. Шунинг учун ҳамма нарса қўл учида қилинади ва марказга ҳам ҳисоботлар қўл учида берилади.

Озодлик: Сизнинг ташкилотингиз чет элдаги ўзбек муҳожирларининг иш ўринларини йўқотиб қайтишининг оқибатлари Ўзбекистонда қандай бўлади, деб башорат қилади?

- Охирги икки-уч таҳлилимизда биз бу масалани ëритишга ҳаракат қилдик. Бизнинг башоратимиз қарама-қарши мазмунга эга. Биз ëппасига ҳаммаси қайтиб келади, деган сабаб кўрмаяпмиз. Чунки Ўзбекистон ичидаги муносабатлар ҳатто кризис шароитида бўлса ҳам Россиядаги ëки Қозоғистондаги шароит билан солиштирганда бизнинг фуқаролар учун у ëққа кетган афзалроқ. Қийинчилик билан бўлса ҳам, ноҳуқуқий бўлса ҳам, муаммоларга дуч келиб бўлса ҳам улар ўша ерда 300-400 долларини топишади.

Албатта келди-кетдилар кўп бўлади. Мавсумий ишлар йўқотилади, қайсидир бир корхона ëпилиб, ëппасига ишчилар бўшатилиши мумкин.

Биз икки ойлар олдин республиканинг бир неча жойларидаги банкларнинг кирим-чиқимини, чет эллардан келаëтган пулларини ўрганиб, фуқаролар билан гаплашиб йилнинг бошидаги таҳлилни чиқарган эдик. Ўша кўрсаткичларимиз четдан келаëтган пулларнинг аллақачон камайиши бошланганини кўрсатган эди, дейди Суҳроб Исмоилов.

"Глобал молиявий бўҳрон боис ўзбекистонлик мигрант ишчилар Россия ва Қозоғистонда иш ўринларини йўқотиб, мамлакатга қайтар эканлар, Марказий Осиёнинг энг нуфузли давлати ҳисобланган Ўзбекистон ижтимоий бўҳрон ёқасида қолди", деб хулоса қилган эди Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки Рика Ишии.

Аксар кузатувчилар Ўзбекистон раҳбариятининг "кучли ижтимоий сиёсат" ёхуд "давлат ғамхўрлиги" дея овоза қилинадиган шиорлари амалда оддий инсонлар турмуш шароитини яхшилашда кам аҳамият касб этишини, аҳолининг кам таъминланган қатлами четда ишлаётган қариндошлари юбораётган маблағлар эвазига тирикчилигини қилиб келаётганини айтишади.

Охирги йилларда Ўзбекистонда кузатилган нисбий "фаровонлик" ва Ўзбекистон сўми қадри маромида бўлиб келгани мамлакат раҳбарияти минбарлардан гапирадиган "иқтисодий ислоҳотлар натижаси" эмас, балки миллионлаб сонда ватанини тарк этган ва ҳар ойда оиласига пул юбориб турган Ўзбекистон фуқароларининг хизмати экани айтилади.

"Ҳозиржавоб гуруҳ" ҳам Россия ва Қозоғистондаги ўзбекистонликларнинг ишсиз қолиши ўзбек сўми қадрсизланиши, истеъмол моллари нархларининг кўтарилиб кетиши ва бундан айниқса аҳолининг муҳофазага муҳтож қатламлари турмуш шароити янада пасайиб кетишидан хавотир билдиради.

Категория: Узбекча | Просмотров: 1788 | Добавил: AbuMuslim | Рейтинг: 0.0/0 |
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Апрель 2009  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
27282930
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024
    Сделать бесплатный сайт с uCoz